close

Вход

Забыли?

вход по аккаунту

?

АВЛИЁЛАР БЕШИГИСАН, САМАРҚАНД

код для вставкиСкачать
"Ҳаёт" газетасида (2006.11.23) чоп этилган Ҳожи Садриддин Салим Бухорий қаламларига тегишли мақола.
«Hayot»
23.11.06
АВЛИЁЛАР БЕШИГИСАН, САМАРҚАНД
Ажабо! Нега Самарқандни бутун Ер юзининг сайқали, яъни дунёдаги
шаҳарларнинг энг гўзали, энг дилбари, энг мўътабарларидан бири, деб таъриф
қилганлар?! Нега Бухорои шарифни бошқа шаҳарлардан улуғлаб эътиқоду иймоннинг,
дини исломнинг қуввати, дея номлаганлар?! Дунёда гўзал, дилбар шаҳарлар кўп-ку!
Бошқа шаҳарларда ҳам дину диёнат йўлида хизмат қилганлар бисёр-ку!
Дарвоқе, дунёда гўзал, дилбар шаҳарлар кўп, лекин Самарқандга тенг келадигани
йўқ. Оламда дину диёнат йўлида хизмат қилганлар бисёр, лекин бухоролик
алломаларнинг бу борадаги ўрни беқиёс. Самарқандни Ер юзининг сайқалига
айлантирган бу диёрнинг шижоатли халқидир.
«Бу шаҳарнинг ҳавоси яхши ва ўртачадир. Сира оғирлик ва касалликка сабаб
бўлмас, баҳор фаслида бу шаҳар гўзалликнинг намунаси бўлур. Шунинг учун
«Самарқанди фирдавсмонанд», яъни жаннатга ўхшаш Самарқанд дейдилар. Ҳар
даштнинг юзида жаннат кўринади ва ҳар дала парчасидан Эрам боғи билинади. Ҳар
тоғнинг этагида минг турли гуллар тўфони қайнамоқда ва ҳар саҳронинг бурчагида
кўкарган юз минг турли сабза ва райҳонлар ўз қўйинларидан беҳишт боғларини
кўрсатмоқда...
Лекин шаҳарнинг халқи қаттиқ хулқли (яъни, хулқу одобда юксак), ғала-ғулочи
(яъни, очиқкўнгил) ва лофчидирлар (яъни, сўзлашганда ўхшатишни жойида ишлатиб
биладиган, бўрттириб гапиришни яхши кўрадиган), теварагидаги турклар ботир, ўктам
ва урушқоқдирлар» (Абу Тоҳирхожа, «Самария», Т., «Камалак», 1991 йил, 17-18-бетлар).
Юксак одобу ахлоқ, очиқ кўнгилли, ботир ва ўктам бу халқ Самарқандни Ер
юзининг сайқалига айлантирган. Юксак одоб-ахлоқ эгаси бўлган зотлар ҳалим-ҳазимдир,
мусофирпарвардир. Лекин Ватан душманларига қарши курашда улар метин иродали ва
уришқоқ бўлган. Самарқандликларнинг шижоати, ботирлиги Ватан ёвлари билан бўлган
жанглардагина эмас, балки дину диёнат, эътиқод, илму маърифат, маънавият соҳасини
ривожлантиришда ҳам бутун бани башарга намуна эди.
Абдулкарим ас Самъонийнинг (1113-1167 йиллар) биргина «Ал Ансоб»
(«Насабнома») китобида 327 та самарқандлик муҳаддис, аллома, адиблар ҳақида
маълумот келтирилгандир. Маълумки, Самъоний «Тож ал Ислом» (Ислом динининг
тожи) унвонига сазовор бўлган, қомусий билимлар эгаси бўлиб ҳам муҳаддис, ҳам
тарихчи, ҳам насабшунос, ҳам тилшунос, аллома, буюк тарбиячи эди. Ас Самъоний бир
неча муддат Самарқандда яшаб, у ердаги алломалардан сабоқ олган (Абдулкарим ас
Самъоний, «Насабнома», «Бухоро» нашриёти, 2003 йил, араб тилидан Ҳожи Абдулғафур
Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов таржимаси).
«Насабнома»да ёзилганки, «Мадина» сўзи шаҳар маъносини билдиради. Лекин
«Мадина» номи билан дунёдаги саккизта шаҳар эъзозланиб аталган: 1. Мадинаи
Мунаввара (кўпинча Мадина деганда шу шаҳар назарда тутилади); 2. Бағдод; 3. Исфаҳон;
4. Нишопур; 5. Марвдаги ички Қалъа; 6. Бухоро; 7. Самарқанд; 8. Насаф.
Ушбу мўътабар мамбада самарқандлик олима аёллар ҳақида ҳам маълумот бордир:
1
«Hayot»
23.11.06
«Кабузанжакас шаҳри Самарқанддан икки фарсах узоқликда жойлашган. Бу ердан
жуда кўп олимлар етишиб чиққан. Жумладан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ал
Кабузанжакасий (ваф. 988 йил) ўз замонасининг донишмандларидан эдилар. Бу кишидан
Абу Саъид ал Идрисий сабоқ олганлар. Абу Бакр Муҳаммаднинг қабрлари
Кабузанжакасдадир».
Абу Бакр Муҳаммаднинг сингиллари Фотима ибнату Али ибн Нуъмон ал
Кабузанжакасий ҳам аллома, муҳаддис бўлиб, бу киши Назр ибн Расул ал Яздодийдан
ҳадис ривоят қилган. Абу Саъид ал Идрисий ёзади: «Биз Фотимадан Кабузанжакас
шаҳрида ҳадис ёзиб олганмиз. У кишининг айтган ҳадислари саҳиҳ эди. Фотима 991 йил
вафот қилган» («Насабнома», 185-бет).
Самъоний ёзади, «Мен бир муддат Самарқанднинг Суғд шаҳарларидан бири
ҳисобланмиш Арбинжон (Рабинжон) деган жойда яшаб, у ердаги муҳаддислардан сабоқ
олганман» («Насабнома», 134-бет). Буюк саркарда, улуғ подшоҳ, атоқли давлат арбоби,
соҳибқирон Амир Темур Самарқандга пайғамбар Дониёл а.с. жасадларини келтириб,
дафн қилдирган. Шундан сўнг Самарқанд шаҳрини ўз давлатининг пойтахтига
айлантирган. Зеро, қаердаки пайғамбарлардан бирининг жасади кўмилган бўлса, Аллоҳ у
жойда шу жасаднинг шарофати билан бало-қазони даф қиларкан.
Темурийлар салтанати даврида Самарқанд гўзал обидалар билан бутун жаҳонни
лол қолдирган. Шунингдек, диний ва дунёвий соҳадаги илмларни ривожлантирган
кўплаб олиму фузалолар бу шаҳардан етишиб чиққанлиги сир эмас.
Парижда Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш бўйича ассоциация
асосчиси ва президенти, профессор Люъен Карен қаламига мансуб «Самарқандга, Темур
даврига саёҳат» китоб-альбоми Швейцарияда (1978 йил), Франция (1999 йил),
Ўзбекистонда (1999 йил) чоп этилди. Атоқли олим ушбу асарида соҳибқироннинг буюк
хизматларини тарихий далил ва ҳужжатлар асосида ёритган. Шу билан бирга у Амир
Темур ҳазратлари шаънига айтилган туҳмат, нолойиқ гапларнинг асоссиз эканлигини
ишонарли далиллар билан исбот этган. «Сурия кутубхоналарида ишлаётганимда
китобларнинг бирида Темур Исонинг минораси ва Хумаинлар масжидини буздириб
ташлаган эмиш, деган гапларни ўқиб қолдим. Аммо бу иншоотлар ҳозиргача бус-бутун
турибди. Душманлар атайлаб бундай ёлғонларни тарқатиб, Темур ҳақида салбий фикр
туғдиришга ҳаракат қилганлар», деб ёзади Л.Карен.
Темурийлар давридан қолган нодир обида Гўри Амир мажмуасини олмонияликлар
кўриб, ўрганиб, ўз юртларида шунга монанд мақбара бунёд қилганлар. Ушбу мақбарада
шоҳ Фридрих ва унинг оиласи, шунингдек, И.В.Гёте жасади дафн қилинган.
Гёте Самарқанд ва Бухоро таърифини китоблардан ўқиб, хаёлан ушбу диёрларга
саёҳат қилган ва Самарқанду Бухорога атаб гўзал ғазаллар, шеърлар битган. Унинг
«Ғарбу Шарқ девони» номли шоҳ асаридаги «Зулайҳонома» бобида қуйидаги мисралар
бор:
Темур ҳукми салтанати
Сенга аслида жоиз,
Лаъл Бадахшон мамлакати
Берсин, феруза – денгиз.
2
«Hayot»
23.11.06
Ширин-шакар қуруқ мева
Серқуёш ул Бухоро,
Самарқанд-чи, дафтар тўла
Қўшиқ тортиқ қилсин то!..
Ёхуд:
Самарқанд, Балх, Бухорони
Сенинг ҳусн-жамолингга,
Инъом этмоқ, ё этмаслик
Келмабди хаёлимга.
(Олмон тилидан муаллиф таржимаси).
Гётенинг юқорида мисол келтирилган шеъридан маълум бўляптики, Олмониянинг
буюк адиби Амир Темурнинг буюк салтанатидан воқиф экан. Самарқандлик атоқли
шоирлар шеърлари унинг қалбини забт этганлиги, инчунин, самарқандлик хаттотлар
тайёрлаган китобдан бохабар эканлиги аён бўлаётир. Дарвоқе, самарқандлик усталар
тайёрлаган қоғознинг довруғи жаҳонга таралган эди.
Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони» ўн икки бобдан иборат бўлиб, унинг бир боби
«Темурнома» деб аталади.
Самарқандда Довуд а.с., Хизр а.с. қадамжолари ва масжидлари бор. «Ҳазрат Хизр
а.с. масжиди шаҳар ташқарисида Афросиёб тепасида Оҳанин, бошқача айтганда, Ҳазрати
Шоҳ (Қусам ибн Аббос) дарвозасининг қаршисидадир. Айтадиларки, Самарқандда энг
аввал солинган масжид ушбудир. Имом Қутайба Ҳазрати Хизр ишорати билан иморат
қилгандир. Бошқа бир ривоятга кўра, бу бинонинг биринчи ғиштини Ҳазрати Хизр а.с.
тўғрилаган. Дерларким, қай кимса қирқ душанба тарк этмай бомдод намозини ушбу
масжидда ўқиса, бешак Хизр а.с.ни кўрар экан. Ушбу масжид (Бухоро хони) Амир
Музаффархон замонида қайта иморат қилинди» (Самария, 23-бет).
Самарқанддаги обидалар, жумладан, Шоҳи Зинда мажмуаси ота-боболаримизнинг
юксак маънавияти, улуғ салоҳияти, донишмандлигига қўйилган ҳайкалдир. Мабодо
дунёнинг бирор четидан ўзбек номини умрида эшитмаган, ўзбек алломаларининг
кашфиётидан бехабар бирор киши бўлсаю Самарқандга келиб, Шоҳи Зинда мажмуасини
кўрса, шу дақиқадаёқ миллатимизнинг буюклигига имон келтиради. Шоҳи Зинда Ҳазрат
Қусам ибн Аббос бўлиб, бу зоти шариф 624 йилда туғилган ва 677 йилда Самарқандда
шаҳид этилган. Ҳазрат Қусам ибн Аббос саҳоба, аллома, авлиё эдилар. Бу киши
пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг амакилари Аббос р.а.нинг ўғилларидир. Ҳазрат
Қусам ибн Аббоснинг сурат ва сийратлари Ҳазрати пайғамбаримиз с.а.в.га ғоят ўхшаш
эди.
Ҳазрат Қусам ибн Аббос шарафларига Темурийлар замонида бино этилган Шоҳи
Зинда мажмуаси шўролар замонига келиб замбарак ўқига дучор этилди. Самарқанддаги
Шоҳи Зинда мажмуаси ярим вайрона, ахлатхонага, Имом Бухорий масжиди эса жамоа
хўжалиги омборхонасига айлантирилганига тарих гувоҳдир. Бундай аянчли тақдир
Бухорои шарифдаги Ҳазрат Баҳоуддин, Файзобод, Абу Ҳафс Кабир Имоми Ҳожатбарор
хонақоларининг бошига ҳам тушган эди. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний масжиди
чойхона, Масжиди Калон озиқ-овқат омборхонаси, Чор Бакр масжиди ва Шоҳ Ахси
3
«Hayot»
23.11.06
масжидлари пойабзал омборхонаси эди. Халқимиз муқаддас деб билган жойлар у
вақтларда атайлаб таҳқирланган.
Ҳазрат Баҳоуддиндай донишманд зот – фирибгар, Хожа Аҳрордай подшолар
орасидаги низоларни бартараф этувчи авлиё – Улуғбек қотили, Хожаи Жаҳондай ҳалол
меҳнат орқали ризқ топган улуғ шайх – текинхўр, Махдуми Аъзамдай алломаи замон,
ўттиздан ортиқ китоблар муаллифи – бесавод, деб ҳақорат қилинган эди. Бухородаги
Минораи Калонни «ўлим минораси», мадрасаларимизни жаҳолат маскани, донишманд
боболаримизни бесавод, деган тузумдан нимани ҳам кутиш мумкин эди?!
Мустақиллигимизнинг биринчи кунидан бошлаб Юртбошимиз ташаббуси билан
обидаларни асл ҳолига келтирмоқ, масжидлар, хонақоҳларни намозхонлар ихтиёрига
топширмоқ, маънавиятимиз дарғалари ижодини тарғиб қилмоқ, қатағонга учраган
авлиёлар номини тиклаш учун босқичма-босқич қатъий бир режа асосида изчиллик
билан республикамизда улуғ ишлар амалга оширилмоқда.
Фахрул ислом (ислом динининг фахри) Ҳазрат Али Паздавийнинг ўн жилддан
иборат бўлган «Мабсут» асарлари, «Жомеъус сағир», «Усули Паздавий» китоблари
ҳозирги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Бу зоти шариф илмларига Абу Ҳомид ал
Ғаззолийдай аллома тан берган, қойил қолган эди («Самария», 35-бет).
Самарқанди фирдавсмонандда Имом Дорамий, Имом Бухорий, Имом Паздавий,
Хожа Аҳрор Валий, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Имом Мотуридий ва яна юзлаб жаҳон
тан олган аллома, авлиё, олим, адиблар зиёратгоҳи борки, мустақиллик шарофатидан у
ерлар обод этилди, зиёратгоҳга айлантирилди.
Биз агар фақат Самарқанддан ўтган олим, ориф, авлиё, ошиқ, обид, адиблар
номини ва улар ёзган асарлар номини бир рўйхатга тизмоқни ният қилсак, шу
рўйхатнинг ўзи бир неча жилдлик китоб бўлажак!
Аллоҳ мустақиллигимизни мустақиму пойдор этсин.
Авлиёлар бешигисан, Самарқанд,
Сен жаннатнинг эшигисан, Самарқанд!
Қучоғингда яшаганлар бахтлидир,
Жаннатийлар қўшиғисан, Самарқанд!
Ўзбегимнинг дурдона юрти номинг,
Жаҳонларни тутди шуҳрату шонинг!
Намунадир бутун бани башарга
Самарқандим, эътиқоду имонинг!
Садриддин ҳам Бухорий ном олгандир,
Самарқандий бўлайин деб қолгандир.
Азиз Ватан, жаҳон сенга талпинар,
Аллоҳ ишқинг юракларга солгандир.
Садриддин САЛИМ БУХОРИЙ
4
Автор
bahriddin_salimov
Документ
Категория
Журналы и газеты
Просмотров
13
Размер файла
25 Кб
Теги
Садриддин Салим Бухорий
1/--страниц
Пожаловаться на содержимое документа