close

Вход

Забыли?

вход по аккаунту

?

БУХОРОНИ ҚУТҚАРИНГ!

код для вставкиСкачать
Неъмат Аминов ва Садриддин Салим Бухорийнинг "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида (1988.09.02) эълон қилинган мақолалари.
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
БУХОРОНИ ҚУТҚАРИНГ!
Давр ўзгарди, даврон ўзгарди. Во, ажаб! Қисқа муддат ичида шунчалик ўзгариш.
Гўё одамлардаги ҳис-туйғу, меҳр-оқибат, ташаббус, жасорат ва қаҳрамонликлар ўзгарди.
Сохта қаҳрамонлар соясидаги чин қаҳрамонлар, ўткинчи талантлар оёғи остидаги
ҳақиқий талантлар юзага қалқиб чиқа бошлади. Ҳатто лом-мим дея олмайдиган «гунгсоқов»лар, кулганда атрофга ўн бор аланглайдиган «сиёсий ҳушёр»лар ҳам баралла
гапирадиган бўлишди. Бу яхши! Ахир оғиз фақат ейиш учун эмас, гапириш, кулиш учун
ҳам берилган-да...
Давр ўзгарди, бировлар учун даврон ўзгарди.
Шундай бир бошлиқни биламиз. Турғунлик даврида узоқ йиллар катта, нуфузли
бир ташкилотни бошқарарди. Ўшанда бу раҳбарни танқид қилиш уёқда турсин, унга
рўпара келиб, «қарзи худо» – салом бериш ҳам Ҳазрат Навоий айтмоқчи «Аждаҳо
оғзидан маош айламак» билан баравар эди. Корхонадаги оддий камчиликни аяб-суяб
айтган кишини ёшига ҳам қараб ўтирмасдан сўкиб, ҳайдаб юборарди. Лекин, кейинчалик
ўша камчиликни гўё ўзи «сезиб» қолиб, уни тузатишга ҳаммани сафарбар этарди.
Тузатарди ҳам. Кейин-чи? Замона зайли билан ўша раҳбар ўртача бир ташкилотга
бошлиқликка туширилди. Унинг раҳбарлик услуби ҳам ўзгарди. Биринчи бўлиб «қайта
қуришни ўзидан» бошлади. Мана бундай: у аввалгидек креслода қўр тўкиб ўтиради.
Кабинетига кирган кишини ўрнидан туриб, кулиб қаршилайди, тирсагидан тутиб,
эшиккача кузатиб қўяди. Икки йил олдин мажлис чақириб, ходимларига: «Ҳозир
демократия, бемалол, ҳатто мени ҳам танқид қилишларинг мумкин», деди. Ошкоралик
эмасми, дастлаб довдирроқ бир ходим билиб, билмай уни танқид қилди. Бошлиқ бақириб
бермади. Шундай раҳбар-а! Кейин иккинчи, учинчи киши, охир-оқибат ҳамма ходимлар
уни танқид қиладиган бўлишди. Кунлар, ойлар ўтиб борарди. Ҳатто, бирда ҳамма
ходимлар бараварига унга, «Бу соҳа сизга бегона, ишимиз барбод бўляпти, ахир, яхшиси,
бўшаб кетинг!» – дейишди. Буни қарангки, бир пайтлар оғзидан олов пуркаб юрган ўша
раҳбар ҳақорат даражасидаги шундай камситилишни ҳам бепарво, жилмайиб қабул
қилди...
Чунки, бошлиқнинг қўл остидагилар ошкораликка, раҳбарнинг ўзи эса танқидга
мослашган эди...
Бугунги мақоламиз танқидга мослашган ана шундай лоқайд, бепарво раҳбарлар,
кўкка совурилаётган, кўзга кўринмас миллионлар, барбод қилинаётган асрий маънавият,
ночор усталар, думбул лойиҳачилар, қизиққон ёшлар... хуллас, яна Шарқ маданиятининг
қадим чорраҳаси — БУХОРОИ шарифнинг ёрдамга муҳтож обидалари ҳақида.
ТАЪМИРДАГИ ЎПИРИЛИШЛАР
БУХОРО АРКИНИ кўплар кўрган. Агар кўрмаганлар бўлса, ҳали ҳам вақт бор,
бориб кўрсинлар. Акс ҳолда нўноқ таъмирчиларнинг қўли яна бир бор текса...
Аркнинг бино этилиши ҳақида Муҳаммад Наршахий «Бухоро тарихи» китобида
ёзади: «Сиёвуш ибн Кайковус ўз отасидан қочиб Жайхун дарёсидан ўтиб Афросиёбнинг
олдига келди. Афросиёб уни яхши қабул этди ва қизини унга хотинликка бериб, барча
мулкини ҳам унга топширди. Бу вилоят ўзига вақтинча берилган жой эканлиги туфайли
1
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
Сиёвуш бу ерда ўзидан бир ёдгорлик қолдиришни истади. Шундай қилиб, у Бухоро
хисорини бино қилди... Бу гаплар бўлганига уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтди» (Абу
Бакр Муҳаммад Наршахий. «Бухоро тарихи». ЎзССР «Фан» нашриёти. Тошкент – 1966
й. 28-бет).
Нуқтадон муаррихнинг ёзишича, тўрт минг йил, археологларнинг ер кавлаб
аниқлашларича, икки минг йиллик тарихга эга бўлган Бухоро Арки ўша ҳолича тағин
неча юз йиллар турган бўларди. Дастлаб унинг атрофида ков-ков бошланди, кейин
ҳандақлар кўмилди. Аркнинг пахса лой ва ғиштдан қурилган жанубий девори
кимнингдир кўзига ёмон кўриниб кетди. Нима қилиш керак? Чиройли қилиб таъмирлаш
лозим. Таъмирлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун уста керак, уста учун лойиҳа ва
материал керак. Югур-югур бошланди. Лойиҳани Тошкентдаги махсус илмий-текшириш
институтининг лойиҳачилари илоннинг оғзидан чиққандек қилиб, тайёрлаб бердилар.
Лойиҳанинг ўзи анча қиммат бўлса-да, таъмирлаш арзонга тушармиш. Ҳолбуки
усталарнинг кўз олдида Аркнинг эски девори турарди. Ҳақиқий уста бўлса ана шу
деворга қараб туриб бемалол таъмирлаши мумкин эди. Йўқ, лойиҳа керак. Чунки, шу хил
лойиҳаларни чизиш учун бутун бошли илмий-текшириш институти ходимлари ойлик
оладилар, бола-чақа боқадилар. Хуллас, иш бошланди... девор таъмири тугар-тугамас,
ҳамма меҳнат зое кетди. Таъмир қилинган жой ўзи билан яна эски деворнинг анча
қисмини ўпириб тушди. Бир неча йиллик меҳнат, неча юз минг сўмлик маблағ бир
дақиқа ичида кунпаякун бўлди. Газеталарда танқидий мақолалар чиқди. Нима қилиш
керак? Газетанинг танқидига жавоб тайёрлаш зарур. Архитектура-планлаштириш
бошқармаси экспертлари аварияга таъмирлаш ишининг сифатсизлиги ва лойиҳанинг
хомлигини сабаб қилиб кўрсатдилар. Арк девори (қулаган девор)ни таъмирлашда
«хизмат» кўрсатган бригадир, уста, инженер ва Тошкентдаги лойиҳа муаллифи жазосиз
қолиб, устахона директори И.Муҳсинов ишдан олиб ташланди. Арк деворини
«қулатиш»да иштирок этган устахона Бош инженери В.А.Лавренко эса директорликка,
бригадир, таъмирчи уста ҳам бир поғонадан мансаб курсисига кўтарилдилар.
Ҳозир халқ орасида ажиб бир латифа юрибди. Хайриятки юқоридаги нусхалар Арк
деворини қулатган эканлар, Минораи Калонни қулатсалар ким билади, дейсиз, Бухорода
улар учун қанақа мансаб курсиси топардилар.
Айни кунларда Аркнинг «таъмир қилинган» ўша деворини қайта таъмирлаш учун
Ўзбекистон лойиҳалаш ва таъмирлаш илмий-текшириш институти, «Меъмор»
бирлашмаси, республика Маданият министрлигининг илмий-ишлаб чиқариш Бош
бошқармаси раҳбарлари янги лойиҳани қўлтиқлаб Тошкент-Бухоро оралиғида тез-тез
қатнаб туришибди. Бироқ, бу лойиҳа асосида иш бошлашни бирор бир қурилиш
ташкилоти ўз зиммасига олмаяпти. Лойиҳачилар эса мутасадди раҳбарлар ёрдамида
мазкур лойиҳани Бухоро районида ташкил этилган «Қурувчи» кооперативига бир
амаллаб ўтказишга ҳаракат қилаяптилар. Кўрайлик-чи, буёғи қандоқ бўларкин?
Яна курси ҳақида. Арк деворини «қулатган» лоқайд курсипарастлар навбатдаги
ўпирилишга йўл қўйдилар. Мачит Калоннинг ичида таъмир, ташқарисида археологик
қазишма давом этарди. Археолог Лиза Некрасова биринчи бўлиб ишини тугаллади.
Кавлаган хандагини шу ҳолича қолдириб (бу археологларга одат) жўнаб кетди. Хандақни
кўмиш ҳам таъмирчиларга қолди. Улар бундай нозик ишни қўлда бажаришлари керак
эди. Ортиқча оворагарчилик кимга керак. Булдозерни ишга солишди. Булдозерчи ҳам
2
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
кунбай асосида ишларкан. Эҳтиётсизлик оқибатида булдозер ковш билан водопровод
қувурини бузганини сезмай, хандақни чала-чулпа кўмиб жўнаб кетади. Пои Калон ва
Мачити Калон остига юқори босимда сув кета бошлайди. Мутасадди раҳбарлар Мачити
Калоннинг жанубий-ғарбий томони ўпирилиб, янги таъмирланган еттита гумбазча ишдан
чиққандан кейингина хабар топишади...
Ваҳшийликка тенг бу жиноят учун на археологга, на булдозерчига, на унинг иши
устидан назорат ўрнатиш ўрнига, машинада кўмилган хандақни қўлда кўмилди деб
ведомость тузган таъмирлаш устахонаси раҳбарларига чора кўрилди.
Улар учун муносиб курси топа олмаган шаҳар ижроия комитети раҳбарлари ўзаро
текника совети чақириб, енг учида протоколлаштириб қўйдилар, холос.
Навбатдаги бу ўпирилишдан ҳам Бухородаги қонун ҳимоячилари хабарсиз
қолдилар. Ким ҳам хабар берарди. Ҳамма раҳбарлар бир-бирига мослашган дўстқадрдон. Фақат жабр кўрган тарихий ёдгорлик бегона. Унинг тили йўқки, дод, деб фарёд
чекса қўли йўқки айбдорларнинг ёқасидан олса...
НАМОЙИШМИ? ЙЎҚ, ВАТАНПАРВАРЛИК!
ШУ ЙИЛ 15 АВГУСТ, кеч соат еттиларда бир группа ёшлар Бухородаги Киров1
номидаги маданият ва истироҳат боғи томон йўл олдилар. Уларнинг мақсади боғда
музқаймоқ еб, арғимчоқ учиш эмас, шекилли, кўринишлари бежо, тўғрироғи, анча
ташвишли эди. Бир пастда улар боғ чеккасидаги IX аср архитектура ёдгорлиги Исмоил
Сомоний мақбарасини ўраб олишди. Бинонинг саҳнига тушиб, япалоқ ғиштлар остида
милдираб турган сувни кўриб асабий гапира бошлашди.
– Тўғри экан, ана, сув чиқиб турибти.
– Вой, ноинсофлар, ахир бу ёдгорлик ЮНЕСКО ҳисобида-ку!
Кимдир сув чиққан ерга қўлини тиқиб кўрди, яна биров манбаини суриштирди.
– Юринглар, мен кўрсатаман, сув қаёқдан тошиб келганини, – деди Мубинжон
деган врач йигит, – кеча иккаламиз сувни анови бассейнга очиб юбормасак, ким билади,
бугун мақбара кемага ўхшаб сув бетида қалқиб юрармиди...
У бошқаларни бинонинг жануби томон бошлаб кетди. Дарҳақиқат, бинодан юз
эллик метр чамаси юқорироқдан Талипоч дарвозаси томон ўтказилаётган бетон ариқ
(Шоҳруднинг давоми эмиш)ни кимдир кўмиб ташлабди. Натижада сув кўтарилиб, ҳамма
ёққа тошиб кетган. Ариқларда, дарахт ва кўкатлар оралиғида якка-ярим ҳалқоблар кўзга
ташланади. Бинонинг ғарбидаги кўл ҳам лим-лим. Атрофни ботқоқ ҳиди тутиб кетган
эди.
Ёшлар яна бино олдига қайтиб келишди. Очиғи, уларнинг ҳаммасини ҳам ёшлар
деб бўлмасди. Гуруҳнинг ташвишли гап-сўзларини бир четдан кузатиб турган икки
милиционер уларга яқин келиб, асл муддаога тушунгач, афсус билан бош чайқашди.
– Хўш, нима қилмоқчисизлар энди? – деб сўради улардан ёши каттароғи. –
Яхшиси, ҳозир тарқалиб эртага келинглар.
1
Ҳозирги «Сомонийлар боғи».
3
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
– Ҳеч қаёққа тарқалмаймиз!
– Чақиринг, шаҳар раҳбарлари келишсин бу ерга, бўлмаса...
Иккала милиционер кўз уриштириб олишди, сўнг ўзаро маслаҳатлашиб оператив
группани чақирмоқчи бўлишди. Бу орада икки-уч йигит яқиндаги автомат-телефонга
югуриб, ҳар томонга қўнғироқ қила бошлашди. Ҳеч кимни топа олмай қайтиб келишди.
Қаердандир яна икки-уч милиционер ва граждан кийимидаги кишилар пайдо бўлиб,
вазиятни кўргач, улар ҳам ғойиб бўлишди. Кимдир шаҳар ижроия комитети раисининг
ўринбосари Л.Н.Пятинанинг уй телефонини топиб: «ЧП! Сомонийни сув босибди!» дея
ваҳима билан қўнғироқ қилибди. Тажрибали раҳбар соат ўн ярим1 бўлганига қарамасдан,
сув ташийдиган машинада ўша заҳоти етиб келди. Бу ҳолдан кулган енгилтак ёшлар ҳам
бўлди. Бу кулги ўринсиз эди, албатта. Яна тушунтириш, яна гап-сўз. Лидия Николаевна
ариқ кўмилган жойни бориб кўргач, боғ директорини сўради. Бироқ, у топилмади. Бу
орада ёшлар ҳали шу ерда тайёрланган Мурожаатномани унга тутқазишди.2 Лидия
Николаевна Мурожаатномани ўқиб бўлгач:
– Бу ҳолни қачон кўрган эдинглар, нега бизга айтмадинглар? – деб сўради.
– Кеча таъмирлаш устахонасининг директори Лавренкога қўнғироқ қилиб айтган
эдик, – деди СССР рассомлар Союзининг аъзоси Баҳодир Саломов, – мана, Комил,
Ботир, яна анавилар бор эди.
– Наҳотки? Нега у бизга хабар қилмади экан? Топинглар уни.
Бироқ, Лавренко ўша куни ҳам, эртасига ҳам топилмади. Эҳтимол, топилмасликка,
кўнгилсиз ҳодиса ҳақида хабар бермасликка унинг ҳаққи бордир. Чунки у тайёрни
бузадиганларни эмас, балки бузилганни таъмирлайдиганларни бошқаради-да!
Эрталаб воқеа содир бўлган ерга биринчи бўлиб Л.Н.Пятина етиб келди. Коммунал
хўжалик, мелиорация мутахассислари насос ўрнатиб ёдгорлик остидаги сувни тортиб ола
бошладилар. Парк директори ҳам топилиб келди.
– Наҳотки хабарингиз бўлмаса? Шу ҳам инсофми, ахир бу...
– Менинг вазифам паркда маданий-оқартув тадбирларини ўтказиш, – деди у
уялмай-нетмай, – ариқни ким кўмганлигини мен қаёқдан билай?..
Шаҳар ижроия комитети раисининг архитектура ёдгорликлари бўйича жавобгар
муовини В.В.Гайдучёк кўринишдан жуда оғир, тадбирли эди. У кела солиб мақбарани
супуриб-сидирадиган қоровулни топиб жазоламоқчи бўлди. Лекин ҳозир бунинг пайти
эмас эди.
Ҳар бир раҳбар ўзига тегишли айбдорни изларди.
Шаҳар ижроия комитетининг раиси Ш.К.Хайруллаев ҳам бу кўнгилсиз ҳодисадан
анча дарғазаб бўлди. Биринчи навбатда сувни беркитиш, боққа киравериш ердан ариқни
кўмиб ташлаш, ёдгорлик шарқидаги қўлбола кўлнинг сувини заҳкашга қочириб,
қуритишга шошилинч буйруқ берди. Ҳамманинг олдида боғ директорини қаттиқ койиб,
Кеч.
Мурожаатномада Бухородаги обидаларнинг аянчли аҳволи далиллар билан кўрсатилиб, уларни
бартараф этиш сўралган эди.
1
2
4
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
ишдан олиб ташлансин, деди. Энг сўнгида жонкуяр зиёлиларга миннатдорчилик
билдириб, яқин кунлар ичида улар билан тағин учрашиб, алоҳида масалаларни ҳал
қилишга ваъда берди.
Топшириқнинг ижроси: Ўша куни соат еттигача айтилган барча тадбирлар амалга
оширилган. Ариқ 12 машина тупроқ билан кўмиб ташланган, кўлнинг суви қочирилган.
Мақбара саҳнидаги кутилмаган «қудуқ»лардан насос ёрдамида 15 марта сув тортилган.
Бироқ 35 минут ўтар-ўтмас сув яна аввалги ҳолига кўтарилган...
Шу масалада сўнгги сўз: Бир пайтлар Исмоил Сомоний мақбарасининг атрофи
қабристон бўлган. Ўттизинчи йилларда шу қабристон текисланиб боғ барпо қилинади.
Ёдгорлик эса шу боғнинг хилватида, пастликда қолиб кетган. Бинонинг шарқи тарафида,
баландликда етмишинчи йилларгача харсанг тошлардан иборат бир ҳовуз бўларди. Шу
тошлар қайсидир бир «оғзи катта»нинг иморатига керак бўлади. Кўлни кенгайтириш
баҳонасида харсанглар ташиб кетилади. Кўл эса ёдгорлик томон яна бир неча метрга
кенгайтирилади. Бизнингча биринчи навбатда ана шу кўлни кўмиб ташлаш керак. Бино
теппасидан ўтказилаётган бетон ариқни, ҳозир ҳам вақт эрта, ёдгорлик турган саҳндан
чуқурроқ қазиш керак. Бино теппасидаги дарахтзорларни суғорганда ҳам эҳтиёт
чораларини кўрмаса бўлмайди.
Агар бу ёдгорликни асраш ўзимизнинг қўлимиздан келмаса ЮНЕСКОнинг
мутахассисларига мурожаат қилайлик.
МАНГЛАЙДАГИ ҒУРРАЛАР
ҚАДИМДА,
ДИН РАВНАҚ ТОПГАН асрлардан қолган бир мақол бор:
«Бефаросатга намоз ўқи десалар, манглайини қонатган экан». Ҳолбуки, намоз ўқиш
«савоб» саналган.
Шунинг сингари гоҳида хайрли, савобли иш қиламиз, деб пешонамиз ғурра
бўлаётганини сезмай қоляпмиз. Турғунлик йилларида айрим калтабин раҳбарларнинг
буйруғи, нодон ижрочиларнинг «хайрли» ишлари билан кўкўпар мадрасалар, нилий
гумбазлар атрофидаги тарихий ҳовли-жойлар йиқитилиб, уларнинг ўрнига хиёбончалар
барпо қилинди. Бундан хурсанд бўлганлар ҳам топилди. Лекин, бу узоққа бормади.
Хиёбонларга туну кун сув қуйиш натижасида шу сувнинг бир қисми мадрасаю
хонақоларнинг пойдеворига сингиб анча ташвиш келтирди.
Бир пайтлар Гюго илҳом билан тавсирлаган Парижнинг тарихий обидалари
орасида хиёбон (бульвар) барпо этган барон Османни французлар, ҳали-ҳали
кечирмайдилар. Айни кунларда Говкушон ҳовузининг кўмилгани ва унинг ўрнига чорбоғ
қилингани сабабли Абдураҳмон Аълам мадрасаси ва унинг атрофидаги ёдгорликларнинг
бўғзигача заҳ кўтарилган. Элназар элчи мадрасаси, бузилиб ўрнига чорбоғ қилинди. Бу
кўкалдош мадрасаси, Нодир довонбеги мадрасаси ва хонақосининг тепасида жойлашган
Улуғбек мадрасасининг шимолий томонида барпо этилган чорбоғ ҳам калтабинликдан
бошқа нарса эмас.
Хиёбонларда кўкартирилаётган дарахтларни айтинг, арча, гужум, акац... Қадимда
ота-боболаримиз обидалар атрофида кам сув талаб қиладиган, айни пайтда заҳни
қуритадиган серсоя, сермева тут ўстиришни мақул кўрганлар. Лаби ҳовуз атрофидаги
асрий тутлар ҳамон сайёҳларни тарихий обидалар сингари ҳайратга солади. Олтмишинчи
5
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
йилларда шу тутларнинг анчаси кесиб ташланиб, унинг ўрнига қайрағоч, акац,
ўтқазилди. Лекин негадир уларнинг авжи паст. Тутнинг ўринбосари фақат тут бўла
олишини наҳот билмасак?!
Қадимда боғу-чорбоғлар (Кўчабоғ ва Хиёбон бундан мустасно) асосан шаҳар
қалъасидан ташқарида жойлашган. Инқилобгача Бухоро шаҳрида тарихчи
Л.М.Исаевнинг ёзишича, шаҳар аҳолиси 97 ҳовуз, 309 та қудуқ сувидан фойдаланганлар.
Ҳар икки-уч гузар ўртасида бир ҳовуз бўлиб, бу ҳовузларга сув махсус тош ариқлар
орқали олиб келинган. Шоҳруд ариғи ҳам ҳозиргидай замонавий, темир-бетон эмас эди.
Шоҳруд барча обидалар ёнидан оқиб ўтса-да, жуда чуқурликда жойлашгани сабабли
бинолар остидаги зах сувларни ҳам оқизиб кетган. Бу билан биз ўтмишни, «ришта»га кон
бўлган ҳовузларни мақтамоқчи эмасмиз. Асло! Фақат бинолар қандай қилиб заҳдан
асралгани ҳақидаги мулоҳазаларимизни ёзаяпмиз.
Нодир Девонбеги ансамблига диққат билан тикилган киши қуйидаги манзаранинг
гувоҳи бўлади. Мадрасадан ҳовузнинг супасигача бўлган масофа юз қадам, ундан сўнг
яна тўрт зина билан пастга тушиб ўн қадам юрсангиз ҳовуз лабига келасиз. Хонақодан
ҳовуз лабигача ўн беш қадамлик масофа, бу ердан ҳам тўрт зина пастга тушилади. Ҳар
икки бинони қуриш учун тупроқ худди шу жойдан олинган, хумдон ҳам бино ёнида
бўлиб керакли ғишт ва кошинлар шу ернинг ўзида тайёрланган. Тупроқ олинган ерда ўзўзидан осонгина ҳовуз бунёд этилган. Бино қуришда умуман ортиқча меҳнат ҳам
чиқиндига йўл қўйилмаган. Чунки исрофгарчилик гуноҳи кабир саналган. Ана сизга
«японча» иқтисод, ана сизга тадбиркорлик.
Ўшанда шаҳар тупроғи ҳам ҳозиргидек шўр бўлмаган. Чунки тупроқ таркибидаги
шўр сувни Қалъадан ташқаридаги (эллигинчи йилларда кўмилган) беш-ўн метр
чуқурликдаги заҳкаш «сўриб» оқизиб кетган.
Бизнингча, ана шу захкаш қайта тикланмас экан, шаҳардаги
ёдгорликларни, ҳатто бошқа биноларни ҳам асраб қолиш сира мумкин эмас.
тарихий
Ҳозирда шаҳар атрофи неча ўн минг гектарли пахтазор пайкаллари билан ўраб
олингани ҳеч кимга сир эмас. Қишда шу пайкалларнинг шўри ювилади, ёзда пахтага
беш-олти мартадан сув қуйилади. Ана шу сувларнинг оқаваси ҳам ер остидан сизғиб
чуқурликдаги Бухоро шаҳри остига тўпланаяпти. Ҳолбуки, яқин-яқинларгача бу сувлар
ҳам яна икки зақкаш орқали ўша чуқур заҳкашга келиб тушган.
Такрор айтамиз, Бухоро атрофида шу хил иншоот зарурдан зарурдир. Зеро, биз
обидаларнинг тоқу равоқларини чала-чулпа таъмирлаш билан ўзимизни юпатиб.
асоснинг емирилаётганидан хабарсиз қолмоқдамиз.
ТАЪМИРДА ҲАМ ТАДБИР КЕРАК
ҲАР
ҚАНДАЙ УРУШ, табиий офат ёки лоқайдлик тарихий-архитектура
ёдгорликларининг кушандасидир.
Яқин-яқингача биз кўп тарихий фактларни яшириб, оқни қора, ёки аксинча, қорани
оқ деб келардик. Партиямизнинг XXVII съезди, айниқса Бутуниттифоқ XIX партия
конференциясидан кейин анчагина тарих ҳақиқатлари халққа ошкора айтиладиган бўлди.
6
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
1920 йилда Бухоро инқилоби кунларида гумроҳ солдат томонидан Минораи
Калонга қараб тўпдан ўқ отилади. Миноранинг танаси ўқдан жароҳатланса-да адл қомати
букилмайди. Шунда ўша тўпчи Минора тепасидаги лайлак инига қараб ўқ отади. Бу гал
тўп ўқи лайлак ини билан Миноранинг теппасини учириб кетади... Бу ҳолдан кўплар,
айниқса рус маърифатпарварлари қаттиқ ачиндилар. Ўшанда фото деярли бўлмаган.
Минораи Калоннинг худди шу «ярадор» ҳолатини ажойиб рус рассоми Н.Гаврилов
ўзининг ўлмас полотносида чизиб қолдирган. Бу ноёб асар шу пайтгача томошабинларга
кўрсатилмасдан Бухоро ўлкашунослик музейининг заҳ ертўласига «қамаб» қўйилган эди.
Яқинда шу картинанинг ўзи ҳам «ярадор» ҳолда озодликка чиқарилди.
Мутахассисларнинг фикрича, бу санъат мўъжизаси андак таъмирга муҳтож эмиш.
Ўшанда Минораи Калонни ҳам таъмирламоқчи бўладилар. Марказий шаҳарлардан
мутахассислар чақирилди. Табиий, ҳозиргидек осмон-ўпар кўтарма кранлар йўқ эди.
Академияни тугатган лойиҳачи-инженер минора таъмири учун беш вагон тахта, қанча
цемент, ганч, бир неча қути мих, ўн-ўн беш кишилик дурадгорлар билан иш бошлабди.
Иш жойига арава-арава тахта ва бошқа қурилиш ашёлари ташиб келтирилибди.
Иттифоқо, бир куни Минора ёнидан кекса бир киши ҳасса чалиб ўта бошлайди. «Баҳай,
нима ҳаракат?» – деб сўрабди у. «Минорани зудлик билан таъмирлаш керак бўлиб
қолди». «Унда бу тахталар нимага керак?» «Ҳавоза ясаймиз, усталар шу ҳавозада туриб
бемалол ишлайдилар. Инженерни топшириғи шу», дейишибди. «Э, эринмаган бандалар,
– дея кулибди қария. – Ахир ҳавозани ясашнинг ўзига икки-уч ой керак бўлади-ку.
Унгача қиш келади, қишда таъмирлаш мумкин эмас. Яхшиси, бу ердан анови тахталарни
йиғиштириб олиб, менга қирқ қулоч пишиқ арғамчи, битта эски сандиқ, тўрт нафар
мардикор беринглар. Бир ўзим ҳамма устою инженерингни ишини қиламан», дебди.
Узоқ, тортишувлардан сўнг уста билан инженер аранг келишибди. Уста Минора ичидаги
бўшлиқдан чиқиб турган темир қозиққа кўчма блок ўрнатиб, ундан арқонни ўтказибди.
Арқоннинг бир учига кажава нусха сандиқни тарозига ўхшатиб боғлабдию андаватешаси, ҳамда керагича қурилиш ашёлари олиб ўша сандиққа тушибди. Пастдагилар
арқоннинг иккинчи учини тортганда сандиқ ғилдираб юқори кўтарилибди... Шундай
қилиб кекса уста тўрт нафар мардикор билан бир неча ҳафта ичида «ярадор» минорани
таъмир қилган экан...
Бу ривоят халқ усталарининг зукколиги ва тадбиркорлиги ҳақида. Шундан бўлса
керак, СССР Давлат мукофотининг лауреати, машҳур меъмор Уста Ширин Муродов ўз
шогирдларига «Таъмиркорлик – бу тадбиркорлик» деган ҳикматни тез-тез эслатиб
турардилар. Ҳозирги НИИлар бўлмаган кезларда Уста академик даражасидаги шахс
ҳисобланган. Бино лойиҳасини чизиш, ҳовли-жой қуриш, ёғоч, ганч ўймакорлиги, токчабанлик, ғишт териш, кошинпазлик, хуллас, қурилишга оид барча ҳунардан Уста воқиф
бўлган.
Хўш, неча асрлардан бери ўз йўналишига эга бўлган Бухоро усталар мактаби ҳозир
қай аҳволда? Бу занжир ҳалқаси узилиб қолмадимикин? Усталар анъанасини, санъатини
давом эттираётганлар борми? Минг шукрки, кам бўлса-да, ҳозирча бор.
Уста Ҳусен Остоновлар сулоласи беш асрдан бери Бухорода хизмат қилади. Уста
Ҳусеннинг ўзи ярим асрдан бери ота-боболари касбини зўр ихлос ва эътиқод билан
давом эттираяпти. Кошинпазлик санъатини қайта тиклаш учун ўз ҳовлисида хумдон
7
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
қурди. 1970 йилда ҳозирги керамика цехига асос солди. 1953 йилда Бозори корд
ҳаммомини, кейинчалик Эшони пир масжидини таъмир қилди.
Хайрулла Саломов эса машҳур Уста Аминжоннинг ўғли. Шу йил у Москвадаги
кулолчилик илмий-текшириш институтининг аспирантурасини муваффақиятли битириб
келди. Хайрулла Бухоро чўлларини пиёда кезиб, гиёҳ йиғди, шу гиёҳлардан ўзининг
қўлбола лабораториясида ишқор олди. Узоқ изланишлари зое кетмади. Яқинда Хайрулла
гумбазларда ишлатиладиган, гўзал ва чидамли «Феруза» рангини ихтиро этиб, авторлик
гувоҳномасини олди. Ҳозир у таъмирлаш устахонасида лаборатория мудири. Бироқ, бу
отигагина шундай. Аслида бу ерда на мудирлик на лаборантлик штати бор.
Усталардан кимдир яқинда бир гап топиб келди. «Интурист» меҳмонхонасини
қураётган ҳинд бинокорлари водопровод сувини эмас, тоза (дистирланган) сув топиб
беринглар деб шарт қўйишибди. Бухоро сувида туз ва бошқа химикатлар кўп экан. Ўз
лабораторияларида аниқлашибди.
Бизнинг усталар Россия шароитида ишлатиладиган цемент, қора мум, тўл ва бошқа
хил қурилиш материалларини иссиқ иқлимни ҳисобга олмасдан ишлатишга мажбур
бўлаяптилар. Ишлатишмаса бошқа илож йўқ. Бола-чақа боқиш керак. Бунинг устига
санъаткор даражасидаги бу усталарга алмисоқдан қолган тариф билан арзимас ҳақ
тўланади.
Бундан кейин Бухоро усталари ўзлари таъмир қиладиган ёдгорлик деворига исмфамилияларини ёзиб қўйишга қарор қилдилар. Бу уларнинг масъулиятини тағин ҳам
оширади.
Эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган Очил Бобомуродов, Мубин Мўминов, Жўрақул
Фаттоҳов сингари қўли гул усталар ҳозир ҳам ўнлаб топилади. Бироқ, «қўли гул»
бўлгани билан, уларга кераклича сифатли материал ва яхши шароит яратиб берилмас
экан, ҳаммаси бир пул.
ЖОНЛАНИШ БОР-У, АММО...
ГАЗЕТА ТАНҚИДИДАН КЕЙИН шаҳар ижроия комитети бир қатор тадбирларни
амалга оширди. Биринчи навбатда тарихий-этнографик комиссия тузилди. Бу комиссияга
тарихчилар, археологлар, олимлар, ёзувчилар, рассомлар жалб қилиниб, улар Бухоро
шаҳридаги тарихий кўчаларнинг эски номларини қайта тиклаш, обидалардан
фойдаланиш, машҳур кишиларнинг номларини абадийлаштириш билан шуғулланадилар.
Мазкур комиссия қарорига мувофиқ классик шоир Хўжа Исмат Бухорий қабри обод
қилинадиган бўлди, Мушфиқий қабри аниқланди. Бу ерга мармар лавҳа қўйилади.
Комиссия мажлисида Муқанна, Маҳмуд Торобий каби миллий халқ каҳрамонларининг
номларини абадийлаштириш, Бухорода адабиёт музейини очиш, аллома – шоирлар
хиёбонини барпо этиш масалалари ҳам кўрилди.
— Бир пайтлар, – дейди Бухоро шаҳар ижроия комитетининг раиси
Ш.К.Хайруллаев, – Лениннинг «Санъат – халқникидир» деган фикрига жуда юзаки амал
қилинган. Ҳар бир архитектура ёдгорлиги – санъат асари ҳисобланади. Демак, у
халқники бўлиши керак. Ўша йилларда шарқнинг буюк файласуфи Баҳоваддин мозори,
Чор Бакр ансамбли, Хўжа Исмат Бухорий мозори ва шунга ўхшаш тарихий ёдгорликлар
диндорлар чангалидан тортиб олинди. Эҳтимол, бу керакдир. Бироқ, уларни бузиб,
8
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
қаровсиз қолдиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ эди. Натижада, узоқ йиллар мобайнида бу
архитектура ёдгорликлари на динга, на халққа хизмат қилди.
Бухоро шаҳри ҳисобида янги йилгача 170 дан ортиқ архитектура ёдгорликлари бор
эди. Яқинда қўшимча равишда яна санъат деса арзигулик 15 та карвон сарой, 6 та
сардоба, 46 та гузар мачити, 85 та ҳовли-жой ва бошқа обидалар рўйхатга олиниб,
уларни таъмирлаш 1989-2000 йиллар планига киритилди.
Бизнингча бу ҳали кам. Чунки...
Ўтмишда саводсиз ўлка ҳисобланган Бухорода Вамберининг ёзишича, XIX асрда
26 та китоб дўкони бўлган.
Садриддин Айнийнинг гувоҳлик беришича, Бухоро дин маркази ҳисобланиб, унда
360 мачит, 185 та мадраса бўлган ва уларда 8-10 минг талаба ўқиган.
Машҳур тарихчи О.А.Сухареванинг ёзишича, феодал Бухоросида XX асрга келиб,
Ўрта Осиёда энг кўп – 45 та карвон сарой бўлган...
Демак, музей шаҳри ҳуснига ҳусн қўшувчи осори антиқалардан ҳали кўпчилиги
назардан қолиб кетмоқда. Маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш область жамияти,
шаҳар-музей ходимлари, кенг жамоатчилик ана шу ноёб биноларни аниқлаб, вақтинча
консервациялаб қўйишга киришишлари керак.
Бундан ташқари туристлар маршрутини кенгайтириш, сайёҳларни ҳайратлантириш
учун қадимий тарихий иншоотлар – раста дўконларни, ҳаммом, карвонсарой ва
хонақоларни этнографик усулда жиҳозлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш чоратадбирларини кўриш лозим. Шаҳар-музей ходимлари турғунлик йилларида аёвсиз
равишда ташиб кетилган Бухорога оид археологик топилмалар, тарихимизнинг турли
даврларига оид қимматбаҳо экспонатларни қайси йўл билан бўлмасин (судлашиб бўлсада) қайтариб олишлари керак. Чунки, жаҳоннинг турли мамлакатларидан келаётган
сайёҳлар ҳар қандай экспонатни ўз ватанида, ўз ўрнида кўрсалар адолатли бўларди. Бу
нафақат Бухоронинг, балки кўпмиллатли совет маданиятининг ҳам обрўсидир.
Қайсидир бир доно киши «Париж – дидсизликдан бошқа ҳамма нарсага чидайди»,
деган экан. Бу ҳамма шаҳарларга, биринчи навбатда музей-шаҳарларга ҳам тегишли.
Профессер М.М.Мирзаев область газетасида жуда тўғри таъкидлаб ўтганидек,
НЭП, давридан қолган вайрона дўкончалар ҳамон Масжиди Калон ва Ҳаммоми Кунжак
ёнида «савлат» тўкиб, бутун дунёдан келаётган томошабинларга «томоша» бўлиб
турибди. Ёки Лаби ҳовуздаги миллий чойхона ёнидаги Барни олайлик. Бу ерда кеча
кундуз рок музикаси шовқин солиб туради. Ахир бизга ташриф буюрадиган чет эллик
сайёҳлар чойхонадан таралаётган «Шашмақом» куйларига аралашиб жаранглайдиган
бундай «рок»ни тинглаб, ҳазм қила олмасалар керак, деб ўйлаймиз. Қолаверса, бу хил
«рок»дан яхшироғи ўзларида ҳам бордир. Шунинг учун Барни зудлик билан «керакли»
жойга кўчириш керак.
Шаҳар тозалиги, ҳар бир тарихий ёдгорлик ва кўчаларни ўзига хос усулда ёритиш,
ўттиз йиллар мобайнида алмаштирилмаган водопровод қувурларини янгилаш, иложи
бўлса бутунлай кесиб ташлаш масалаларига эътибор бермоқ лозим.
9
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
Энг асосийси, маданий-тарихий ёдгорликлар халқники экан, ундан фойдаланишда
ҳам кенг жамоатчиликнинг фикрини сўрашни эсдан чиқармаслик керак.
МУАММО ВА МУЛОҲАЗАЛАР
XАЛҚИМИЗДА «АРЗОН ШЎРВА ТАТИМАС» деган мақол бор. Таъмирчиликда
тежамкорлик қиламиз, деб катта хатоларга йўл қўйилмоқда. Қатор-қатор НИИ ва
ташкилотларда жойлашиб олган, умрида қоришма нима, ғишт нима билмаган айрим
думбул кишиларга минг йиллик обидалар тақдирини топшириб қўйиш инсофданми? Бу
хил лойиҳа ижодкорлари таъмирланадиган бинога қанчалик арзон маблағ ажратсалар,
уларнинг ишлари шунчалик силлиқ битади, лойиҳалари осон қабул қилинади. Натижада
таъмир қилинадиган ўша бинонинг аввалги қиёфаси ўзгариб, санъат асарига путур етади.
Чашмайи Айюб, Чор Минор, Модарихон ва бошқа ёдгорликларга диққат билан
қарасангиз, бир деворга ҳар хил ҳажмдаги ғиштларнинг терилганини кўрасиз. Бундай
сифатсиз таъмирлагандан кўра, ғишт топилгунга қадар ўша бинони консервациялаб
қўйиш афзал эмасми? Кўп ёдгорликларнинг асл ҳолати бузилгани сабабли энди уни
келгуси авлод усталари ҳам ўз ҳолига қайтара олмайдилар. Мутахассисларнинг фикрича,
кейинги 20-30 йил давомида бирорта ҳам тарихий обида талаб даражасида таъмир
қилинмабди.
Шу масалада кўпгина халқ усталари, уларнинг давомчилари ва ёш архитекторлар
билан учрашдик.
— Бизга лойиҳа Тошкентдан ишланиб келади, – дейди Уста Ҳусен. – Одатда иш
билан қоғоз ўртасида ер билан осмонча фарқ бўлади. Чизгидаги ҳар бир ўзгариш учун
биз ёки лойиҳачилар Тошкент – Бухоро оралиғида зув қатнаймиз. Бу орада иш тўхтаб
қолади. Ахир биз бинонинг аслиятини тиклайликми, ёки лойиҳа асосида ишлайлик? Неча
замонлардан бери устанинг ўзи лойиҳа чизиб, ўз тархига мувофиқ шу масжид –
мадрасаларни қурган. Нимани, қаерда, қанча ишлатишни, унинг ўзи яхши билган.
Қачонгача бизнинг қўл-оёғимизни боғлаб, ҳа, юр чаққон, дейдилар.
— Уста амаки, тўғри айтадилар, – деди ёш архитектор Зоиршо Қиличев, –
таъмирчиликда узоқ йиллар ҳукм суриб келаётган «бюрократик занжир»ни қайта қуриш
баҳонасида узмасак, қачон узамиз. Ўзгармаган, ўз ишини қайта қурмаган фақат шу соҳа
қолди. Буни қаранг, Тошкент шаҳрида, яхшиси, қисқартма номларини айта қолай, акс
ҳолда ҳар бирининг номини тўлиқ айтиш учун икки-уч минут керак бўлади. Хўш,
десангизки, таъмирчилик билан УзНИПИ, УзЭНРАХМ, «Меъмор» бирлашмаси ва
Маданият министрлигининг Глав НПУлари шуғулланади. Бизнингча, ҳар тўртала
ташкилотни ҳам бемалол қисқартса бўлади. Уларнинг ўрнига Самарқанд, Бухоро,
Хоразм, Қўқон шаҳарларидаги махсус таъмирлаш илмий-ишлаб чиқариш устахоналари
ҳузурида лойиҳалаш группалари тузса бўлади-ку. Бу группа таъмирчилар археолог,
тарихчи, топограф ва кекса усталар билан бамаслаҳат иш кўрса, ўша ёдгорликни ҳар
томонлама ўрганиб, иқлимни, атроф шароитни ҳисобга олиб лойиҳа тузса, яхши эмасми?
Шунда ортиқча штат ва давомли командировкаларга ҳам ҳожат қолмайди. Қисқаси
«касал» ёдгорликни пойтахтдаги кабинетда ўтириб эмас, ўз тўшаги (Бухорода) туриб
даволаш мақсадга мувофиқ эмасми?..
Ҳар йили Бухоро шаҳри маданий-тарихий ёдгорликларини таъмирлаш мақсадида
ўртача 600-800 минг сўм маблағ ажратилади. Бу рамақижон касал ҳалқумига пахта билан
10
Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1988 йил 2 сентябрь, № 36 (2984)
сув томизишдай гап. Айни пайтда емирилиб, адо бўлаётган музей-шаҳар учун ҳар йили
камида уч миллион сўм ажратилсагина уни ҳалокатдан сақлаб қолиш мумкин. Қўшимча
маблағ ажратишни илтимос қилиб шаҳар раҳбарлари СССР «Госкомтурист»ига бир неча
марта мурожаат қилишди, лекин уларнинг хат ва телеграммалари ҳамон жавобсиз
қолмоқда. Сайёҳлардан тушаётган даромаднинг ақалли бир фоизи ҳам Бухоронинг ўзига
ажратилмас экан.
Шу кундарда жамоатчилик орасида бир фикр юрибди: Узоқ йиллар давомида
Бухорони талаб ҳаром-хариш йўллар билан катта бойлик орттирган «миллионерлар»дан
тортиб олинган маблағ яна Бухорога қайтарилиб, ундан емирилаётган обидалар
таъмирида фойдаланилса... чунки, бу маблағ асл моҳияти билан Бухороникидир!
Авваллари таъмирлаш ишларига маблағ ажратилардию, кейин маълум бир
сабаблар билан ундан фойдаланишга улгурилмас эди. Ҳозир ҳам шундай бўлиб туради.
Бунга сабаб 1923 йилда ташкил этилган махсус илмий-таъмирлаш устахонасининг иш
кўлами олтмишинчи йиллар даражасида қолиб кетганлигидир. Устахонанинг уч миллион
сўмлик иш бажарадиган янги техника базасини барпо этиш эса юқорида тилга олинган
«НИИ»чилар айби билан пайсалга солиб келиняпти.
Бухоро музей-шаҳрини Таллин, Суздаль, Каунас ва бошқа марказий шаҳарлардек
кўркам ва ҳайратланарли қилиш мумкин. Бунинг учун кўплаб маблағ ажратиш, кўпгина
министрликларни жалб қилиш лозим.
Қадрли дўстлар!
«Бухоро меники, Бухоро сеники» деб зимдан талашиб, тортишиб юргунча уни
эъзозлашни, асрашни ўйлайлик. Чунки, Бухоро – Советларники, Ўрта Осиёники,
Шарқники, Ғарбники, бутун Жаҳонники. Ҳар йили уни маҳаллий ва чет эллик
сайёҳлардан 200 мингдан ортиқ киши келиб кўради. Бироқ сайёҳлар сирли гумбазлар
остида ҳаяжон ва ҳайрат туфайли бошқа бир нарсани кўрмайдилар, ғалати бир акссадони эшитмайдилар. Бу – ич-ичидан нураётган, ўзи емирилмаса, лоқайдлар «ёрдами»да
вайрон қилинаётган асрий обидаларнинг кўз ёшлари, уларнинг аччиқ, аламли фарёди...
ЗОТАН БУ ШАҲАРГА фақат томоша учун, ҳайратланиш учун келинади. Бу кўз
ёшларни биз кўрмасак, ким кўради. Бу фарёдларни биз эшитмасак, ким эшитади?
Шундай давом, этса бугун – эрта Орол ҳолига тушадиган афсонавий Бухоро учун ҳам
турли комитетлар тузиб, фондлар очиб юришимизга тўғри келади-ку!..
Неъмат АМИНОВ,
Садриддин САЛИМОВ
11
Автор
bahriddin_salimov
Документ
Категория
Журналы и газеты
Просмотров
5
Размер файла
48 Кб
Теги
Садриддин Салим Бухорий, Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1/--страниц
Пожаловаться на содержимое документа