close

Вход

Забыли?

вход по аккаунту

?

ҲАЗРАТ ҚИЗБИБИ ЁҲУД ОҒОЙИ БУЗРУГ

код для вставкиСкачать
Садриддин Салим Бухорийнинг "Меҳригиёҳ" газетасида (1999.01.23) эълон қилинган мақолалари.
Меҳригиёҳ, 1999 йил, 23 январь, 1 (83) сон
Аждодларимиз ҳаётидан
ҲАЗРАТ ҚИЗБИБИ ЁҲУД ОҒОЙИ БУЗРУГ
Бухоройи Шарифнинг Жондор тумани Варахша жамоа хўжалигида табаррук
зиёратгоҳи бор. Аср-асрлардан бери ота-боболаримиз бу ердан ўтаётганда дуойи
фотиҳа қилар, қатағон даврида ҳам зиёратчиларнинг кети узилмасди. Бу қутлуғ
гўша Қизбиби зиёратгоҳидир. Ҳозирда вилоят миқёсида «Қизбиби» номидаги
жамғарма ва «Қизбиби» рўзномаси фаолият кўрсатиб, хотин-қизларни қўллабқувватлаш, улар фаолиятини ёритишда ибратли ишларни амалга оширмоқда.
Эътиқоднинг рамзидирсиз Қизбиби:
Эътиқодни излаб келдик биз Биби!
Руҳингиз шод, Ватан обод, юрт обод,
Ерда қуёш, кўкда сиз юлдуз Биби.
Нега Сизни ёмон деди Ёмонлар?
Ёлғон деди ёлғончи ул ёлғонлар!
Юрагимда осмон қадар армонлар,
Табаррукдир сиз босган ҳар из Биби!
Қутқаради дунёни поклик бешак,
Сиз фаришта, сиз покиза бир малак!
Ижобатдур ҳар дуо, ҳар бир тилак,
Дуо айланг этардингиз сидқ билан.
Ҳар кун меҳнат этардингиз сидқ билан,
Ҳаққа даъват — этардингиз сидқ билан,
Кўзида нур, юзлари қирмиз Биби!
Мустақиллик шарофати Бибижон,
Масжид обод, қалбда мустаҳкам иймон,
Юртга қайтди Қуръону ҳадис, ислом,
Сиз ҳам энди эмассиз ёлғиз Биби!
Хатми Қуръон этаяпти кекса-ёш,
Каъба томон кетаяпти кекса-ёш,
Этагингиз тутаяпти кекса-ёш,
Қизбибижон, Қизбибижон, Қизбиби!
Гапнинг тўғриси собиқ Иттифоқ даврида Бухоройи шарифдаги қатор обидалар
каби Қизбиби зиёратгоҳи ҳам жиддий талафот кўрди. Мадрасадаги ҳужралар, дахма,
масжид, дарвозахона ярим вайронага айлантирилди. Қаровсизлик оқибатида зиёратгоҳ
девори қулади. Аста-секинлик билан қум кўчиб, обиданинг бир қисми қум остида қолди.
Ушбу обидага олиб келадиган йўллар бузилди. Тадқиқ этилади деган баҳонада қабр
устидаги жиҳозлар, қимматбаҳо безаклар, китоблар, масжид ичидаги қимматбаҳо гилам,
жойнамоз, қандиллар Петербургга олиб кетилди. Дарвоқе, аслида бу зиёратгоҳга кимлар
кўмилган?
1
Меҳригиёҳ, 1999 йил, 23 январь, 1 (83) сон
Носириддин Тўра ибн Амир Музаффар ал Ҳанафий ал Бухорийнинг «Туҳфат аз
зоирин» (Бу китобни бизга фойдаланиш учун берган Темурхон ака Субҳоновга Аллоҳдан
ажру мукофот тилаймиз) асарида «Оғойи Бузруг зикрлари боби» бор экан. Мама шу
бобда Жондор туманидаги табаррук зот, яъни Қизбиби номи билан машҳур бўлган авлиё
ҳақларида, шунингдек ушбу зиёратгоҳда кимлар қачон дафн қилингани, уларнинг
исмлари тўғрисида маълумот берилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, «Музҳаруд ажойиб» китобида Ҳазрати Оғойи
Бузруг (яъни Қизбиби) ва у кишининг яқинлари тўғрисида тўлиқ маълумот бор. Бу зоти
шарифнинг кароматлари, хизматлари батафсил ёритилган.
Қизбибининг асли исмлари Оғойи Бузруг экан. Оғойи Бузруг турмуш қурганлар.
У кишининг эрлари Амир Фаррух бўлган. Амир Фаррух ҳижрий 927 йил, шаввол
ойининг 12 куни вафот этади. Уни Боғи Ҳарамдаги сардоба ичига дафн қиладилар.
Таъзияда Мўғул хоним Бухоройи Шарифдан келади. Шунингдек Хуросон акобирлари
ҳам таъзияда иштирок қилган. Маросимда жуда кўп бева-бечора, ғариб, етим-есирларга
хайру садақа берилган, ош тортилган. Икки йилдан сўнг, яъни ҳижрий 929 (мелодий
1523) йилда Оғойи Бузруг ҳам бандаликни бажо келтирадилар.
Оғойи Бузругнинг Зулайҳо ва Гулшакар номли олима, донишманд хизматкорлари
бўлган. Дугоналари эса Биби Азалбахт эди. Оғойи Бузруг жонни Ҳаққа таслим қилгандан
сўнг Гулшакар ҳам вафот қилди. Зеро Самандар қуш оташсиз, балиқ сувсиз яшаб
билмайди. Биби Азалбахт ҳам бу ҳолни кўриб: «Ла илоҳа илоллоҳ!» деб вафот қилди.
Биби Зулайҳо эса Оғойи Бузругни ювиб, кафанлаб тайёрлайди-ю ўзи ҳам жонни Ҳаққа
таслим қилади.
Оғойи Бузруг ва у кишининг жанозасига икки мингдан зиёд киши йиғилади.
Хуросон уламолари бу маросимга иштирок этади. Жанозадан сўнг Оғойи Бузругни ҳам
Боғи Ҳарамдаги сардоба ичига дафн қиладилар. Шундай нақл қиладиларки, Биби
Фотимаи Заҳро разияоллоҳу анҳо вафот қиладилар. Ул кишини ҳазрат Али, Имом Ҳасан,
Имом Ҳусан, Абу Зар разияоллоҳу анҳулар қабрга келтириб қўйдилар. Абу Зар кўп
йиғлаб: «Эй қабр! Биласанми, сенга Фотима Бинти Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи
васалламни қўйдик!» - дедилар. Қабрдан овоз келдики, бу ер насаб (насл) жойи эмас,
балки ҳасаб (фазилат) жойидир. Бу жойда амали солиҳ, поклик, порсоликка амал
қилувчилар нажот топади.
Дарҳақиқат, қабрда бизга нажот берувчи ота-онамиз, яъни насабимиз эмас. Биз
пайғамбар авлоди бўламизми, авлиё авлоди бўламизми, уни сўрамайдилар, балки қилган
тоат-ибодат, ҳалол меҳнат, поклигимиз – амалларимиз нажотдир. Оғойи Бузруг ҳам
ҳасабни пок тутган зот эдилар.
«Туҳфат аз зоирин»да ёзилишича, бу ерда иккита сардоба бўлган: биринчи
сардоба Боғи Ҳарамда, ҳовуз тагида тилсим билан бино этилган экан. Мана шу жойда
Оғойи Бузруг жасадлари кўмилган. Ҳеч ким у ерга кира олмас экан.
Иккинчи сардоба Ҳарамхонада қурилган бўлиб, 12 зина билан у ерга тушиш
мумкин эди. Ва бу жойни Байтур Раҳма, Байтул Вафо, Байтус Сир дердилар. Ва бу
гўшада Ҳазрати Хизр, Ҳазрати Илёс, Ҳазрати Исо алайҳиссаломлар нузул қилардилар,
2
Меҳригиёҳ, 1999 йил, 23 январь, 1 (83) сон
яъни келардилар. Бу зоти шарифлар Ҳазрати Оғойи Бузруг ва у кишининг яқинлари
билан суҳбат этар, уларни тарбият қиларди. Бу сардобадаги йўлни Зулайҳо ва Гулшакарларгина биларди. Бошқа ҳеч ким бу сирдан воқиф эмасди.
Оғойи Бузруг қизларга сабоқ бергани боис Қизларнинг бибиси лақабини олиб
тарихда Қизбиби номи билан эл оғзида машҳур бўлганлар. Оғойи Бузруг ва у кишининг
атрофидагилар покиза яшаб, ҳалол меҳнат қилиб ўз хулқу атворлари, илмлари,
кароматлари билан намуна бўлган, халқни Ҳаққа даъват этган, олими боамал бўлган.
Халқнинг оғзида бир ривоят бор. Нақл этилишича, Ҳазрати Мир Араб бир муаммони
ечишда ожиз қоладилар ва бу масала ечимини Қизбиби, яъни Оғойи Бузругдан
сўрайдилар. Оғойи Бузруг бир неча дақиқадаёқ муаммони ҳал қилиб берадилар. Мир
Араб совчи юбориб Оғойи Бузругни ўз никоҳларига олмоқчи бўлади. Лекин Оғойи
Бузруг дейдиларки: «Шогирд устозига совчи юбориши мумкинми?» Мир Араб: «Ишқда
шоҳу гадо баробар, тенг деганлар!» - деб иккинчи марта совчи жўнатадилар. Оғойи
Бузруг: «Эй воҳ! Орқага қайтинг. Устозингиз жанозасидан кеч қолдингиз!» - дебдилар.
Дарҳақиқат Мир Араб вафот қилган эмишлар. Лекин бу ривоятга асос борми?
Тарихий далиллар кўрсатадики, ҳар бир ривоят ҳам тўғри бўлиб чиқмас экан. Мир
Араб 1536 йил, яъни Оғойи Бузругдан ўн уч йил сўнг вафот қилганлар. Кўриниб
турибдики, бу ривоятда асос йўқ.
Шарқ хотин-қизлари ҳуснда, ҳаёда, илму тақвода бутун жаҳонга намуна бўлган.
Буни кўрингки, XX асрга келиб ҳам европалик олимлар Шарқ хотин-қизлари ҳақида
тадқиқотлар этиб, улардан ҳаёни, покликни, эътиқодни ўрганиш керак деган хулосага
келмоқда. Олмониялик катта олима Ан-намари Шиммел, шунингдек Марям Дагмар
Шатслар яқинда Бухорога келиб Оғойи Бузруг ва бошқа алломаларимиз мозорларини
зиёрат этдилар. Улар ўз тадқиқотларида биз шарқ авлиё, аллома, фозилалари изидан
боришни орзу қиламиз, дедилар.
Мустақиллик шарофатидан Оғойи Бузруг масжиди таъмирланди. Масжидда
намоз ўқиляти. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Жондор туман ҳокимияти, шунингдек
Варахша жамоа хўжалиги ушбу обидани асл ҳолига келтириш учун саъйи-ҳаракат
қилмокда. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, «Қизбиби» жамғармаси ва шу номдаги
рўзнома бу осори-атиқани таъмирлаш учун елиб-югурмоқда.
Аллоҳ мана шу қутлуғ жойларни обод этаётганларни икки дунёда саодатманд
айласин. Мустақиллигимиз мустақиму пойдор бўлсин. Омин!
Ҳожи Садриддин Салим БУХОРИЙ
Электрон матн муаллифи: Ситорабону Баҳронова
3
Автор
bahriddin_salimov
Документ
Категория
Журналы и газеты
Просмотров
1
Размер файла
26 Кб
Теги
Қизбиби, Садриддин Салим Бухорий
1/--страниц
Пожаловаться на содержимое документа